
«ЗИЛЗИЛА БЎЛИБ, ЕР ЛАРЗАГА КЕЛСА...»
2023 йил 6 февраль куни тонг саҳарда, Туркия вақти билан соат 04:17 да юртнинг бир неча минтақаларида даҳшатли ер ости силкинишлари қайд этилди. Зилзила шу ҳолда давом этса, нақадар ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англайдиган, ҳис қиладиганлар қўрқув ва ожизлик ичра Яратганни эслаб, Ундан омонлик сўраб, беихтиёр «Субҳоналлоҳ» калимасини қайтаришга тушдилар.
Бир неча сониялик бу силкиниш одамларга бир олам ибрат ва сабоқ бериб кетди. Ҳа, атиги бир неча сониялик бу силкиниш инсоният ўзи даъво қилаётган шунча тараққиёт, куч-қудрат ва илми билан ҳам Аллоҳ таолонинг балоси олдида нақадар ожизлигини, қўлидан ҳеч нарса келмаслигини, Аллоҳ хоҳласа, бир неча лаҳзалар ичида бандаларини ер билан яксон этишга қодир эканлигини яна бир карра эслатиб қўйди. Яна айнан тонгда, ҳамма ўз ихтиёрини ғафлат уйқусига топширган паллада. Нима учун? Ўзини гуноҳлар ихтиёрига топшириб, Яратганнинг амру фармонларига бепарволик билан ғафлатга чўмган бандалар кўзларини очиши, гуноҳларига тавба қилиб, истиғфор айтиб, ўзини ислоҳ этиши, жиноятлардан тийилиб, тўғри йўлга юриши учун...
Аҳли аёл, мол-дунё, уй-жой, мансаб, обрў – барчаси бир зумда олиб қўйиладиган неъматлар экани яна бир бор инсониятга эслатилди. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсондан олиб қўйилмайдиган, инсонни тириклигида ҳам, ўлимдан кейин ҳам тарк этмайдиган неъматлар бошқа экани ёдга солиб қўйилди. «Қирқ йил қирғин келса ҳам, ажали етган ўлади» деган ҳикмат яна бир бор исботланди. Инсон фаровон, тўкин-сочин ҳаётга алданмай, синовларга, ўлимга, охиратга тараддуд кўриб яшаши лозимлиги яна бир бор кўрсатиб қўйилди. Ғофил инсон эса дунёвий, ўткинчи, нафсоний мақсадларни деб, бир-бирига қўл кўтараётган, зилзиласиз ҳам бир-бирининг ҳаётини, орзуларини, тинчлигини, қалбини, уйини вайрон қилаётган эди… Умид қиламизки, энди бу синовларни кўриб, кўпчилик тегишли хулосалар чиқаради.
Зилзила – инсониятни огоҳлантириб, қўрқитиб турадиган оят-аломатлардан биридир. Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَمَا نُرْسِلُ بِالْآيَاتِ إِلَّا تَخْوِيفًا
«Биз оят-аломатларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз» (Исро сураси, 59-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса шундай дейилади:
أَفَأَمِنَ أَهْلُ الْقُرَى أَنْ يَأْتِيَهُمْ بَأْسُنَا بَيَاتًا وَهُمْ نَائِمُونَ أَوَأَمِنَ أَهْلُ الْقُرَى أَنْ يَأْتِيَهُمْ بَأْسُنَا ضُحًى وَهُمْ يَلْعَبُونَ أَفَأَمِنُوا مَكْرَ اللَّهِ فَلَا يَأْمَنُ مَكْرَ اللَّهِ إِلَّا الْقَوْمُ الْخَاسِرُونَ
«Бу юртларнинг аҳолиси тунда ухлаётганида, азобимиз тўсатдан келиб қолишидан хотиржаммилар? Ёки бу юртларнинг аҳолиси чошгоҳ вақти, ўйнаб турганларида азобимиз келиб қолишидан хотиржаммилар? Аллоҳнинг «макри»дан ҳам хотиржаммилар? Аллоҳнинг «макридан» (синовидан, азобидан) фақат зиёнкор қавмларгина хотиржам бўлурлар» (Аъроф сураси, 97-99-оятлар).
Ҳеч бир банда ўзини Аллоҳнинг азобидан хотиржамликда, омонликда ҳис қилиши мумкин эмас. Оятда айтилганидек, фақат зиён кўрувчиларгина бундан ўзларини хотиржам ҳис қилади.
Зилзила ва бошқа табиий офатлар одамларни сергакликка ундайди, гуноҳлардан тўхтаб, Аллоҳга қайтишга чақиради. Бундай ҳолатлар огоҳлантиришдир, маломатга сабаб бўлувчи ишларни тарк этиш учун насиҳатомуз итобдир.
Солиҳ салафлар ер қимирлаганда шундай дер эканлар:
فأعتبوه إن ربكم يستعتبكم
«Роббингиз хатоларингизни, маломатга сабаб ишларингизни бас қилиб, Уни рози қилишингизни талаб қиляпи. Шундай экан, ўша ишларингизни тўхтатиб, Роббингизни рози қилинглар!»
Зилзилалар, бошқа табиий офатлар, барча мусибатлар фақат инсониятнинг гуноҳ-маъсиятлари туфайли келади, лекин афсуски, келганида яхшини ҳам, ёмонни ҳам олиб кетади. Мазкур офатлар туфайли зарар кўрган яхши кишиларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлади, ёмонларга эса бу офатлар У Зотнинг ғазаби, жазоси бўлади.
Мадинаи Мунавварада зилзила рўй берганда ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ваъз қила туриб, «Агар бу зилзила яна такрорланса, мен бу шаҳарда сизлар билан бирга турмайман!» деган эканлар.
Инсоннинг бошига нимаики бало келса, ўзининг гуноҳ-маъсиятлари сабабидан келади. Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ
«Сизларга неки мусибат етган бўлса, ўз қилмишларингиз (гуноҳларингиз) туфайлидир. Аммо У Зот (гуноҳларингизнинг) кўпини кечиб юборади» (Шўро сураси, 30-оят).
Минг шукрки, Аллоҳ таоло бизни ҳар бир гуноҳимиз учун азобга тутмайди, балки кўпини кечириб юборади.
Шундай экан, гуноҳлардан, жиноятлардан тийилиб, Аллоҳга тавба ва истиғфор айтишимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, неъматлар кўтарилиб, офатлар тушишига фақат гуноҳларнинг оммавий равишда авж олишигина сабаб бўлар экан.
Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло камчиликнинг (маълум тоифанинг) қилаётган иши учун кўпчиликни азобламайди. Аммо бу ҳолат одамлар ўша мункар, ёмон ишларни кўриб, ундан қайтаришга, вазиятни ислоҳ қилишга қодир бўла туриб, ўша мункаротлардан қайтармай, ислоҳ қилмай юргунича давом этади. Ана шундай қилсалар, Аллоҳ уларнинг озчилигини (асосий мункар иш қилаётганларни) ҳам, кўпчиликни ҳам азобга тутади. (Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
Гуноҳ-маъсиятлар неъматлар завол топишига, балою офатлар тушишига сабаб бўлса, тавба ва истиғфор неъматларнинг бардавом бўлишига, балоларнинг қайтарилишига сабабдир.
Шунинг учун Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ
«Аллоҳ уларни истиғфор айтиб турган ҳолларида азобламайди» (Анфол сураси, 33-оят).
Бундан аввалги оятда эса шундай дейилган:
وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذّبَهُمْ وَأَنتَ فِيهِمْ
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), уларнинг орасида сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобламайди».
Маъно аҳли айтадиларки, юқоридаги оятлар истиғфор, яъни гуноҳлар учун Аллоҳдан мағфират ва кечирим сўрашнинг азобдан сақлагувчи омонлик эканига далолат қилади.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: «Одамлар ичида икки ҳимоя, икки омонлик бор эди: бири – Аллоҳнинг Пайғамбари, иккинчиси – истиғфор. Аллоҳнинг Пайғамбари ўтиб кетдилар, аммо истиғфор Қиёматгача боқийдир».
Қайси бир ўлкада Аллоҳга ибодат қилинар экан, истиғфор айтиб турилар экан, фисқ-фужур оммавий тус олмаган экан, у ерга аҳолининг кўп қисмига зарар келтирадиган оммавий бало тушмайди, иншааллоҳ. Шунингдек, нуроний отахонлар, маъсум гўдаклар, ўтлаб юрувчи чорвалар ҳам азоб нозил бўлишини тўсиб турар экан. Баъзи ривоятларда шундай сўзлар ворид бўлган:
لَوْلاَ شُيوخٌ ركع، وصِبْيَانٌ رُضَّعٌ، وبَهَائمُ رُتَّعٌ، لصُبَّ عَليكُمُ العَذَابُ صَبًّا
«Орангизда қадди рукуъга эгилган мўйсафидлар, эмизикли гўдаклар ва эркин ўтлаб юрувчи чорвалар бўлмаганда, устингизга азоб ёғилган бўлар эди».
Бу ҳам бўлса, юртимизда яхшилик ва эзгулик ҳукмрон эканлигидан, нуроний қарияларимиз, маъсум гўдакларимиз, эмин-эркин ризқини териб юрган чорваларимиз борлигидан, бошқа кўп жойлардан фарқли ўлароқ, диёримизда фаҳш ишлар оммавий тус олмаганидан, юртимизга Аллоҳнинг раҳмат назари тушганидан далолатдир, иншааллоҳ.
Курраи заминнинг ҳали у, ҳали бу чеккасида кетма-кет зилзила, тўфон ва бошқа офатлар туфайли ўнлаб, юзлаб одамлар фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмаётган, қанча-қанча юртлар турли-туман фитналар, ички низолар, террорчилик хуружлари оқибатида тинчини йўқотиб, вайронагарчиликка юз тутаётган, яна қанча-қанча илғор давлатлар эса устма-уст иқтисодий бўҳронларга оқимига нишон бўлиб турган бир вақтда мамлакатимиз тинч-осойишта, ризқи мўл, офиятли ҳаёт билан яшамоқда. Бунинг учун Яратганга тинмай шукр қилишимиз, фаровон турмушимиз бардавом бўлиши учун дуода бўлишимиз, шу юртимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, янада обод бўлиши учун ҳиссамизни қўшмоғимиз ҳар биримизнинг зиммамизда лозим бўлган ишлардан бирига айланади. Зеро, шукри адо қилинмайдиган неъматлар олиб қўйилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وإذْ تأذَّن ربُّكم لإن شكرتم لأزيدنَّكم ولَئِن كفرتم إنَّ عذابِي لَشَديد
«Парвардигорингиз билдирган ушбу сўзларни эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (Менинг неъматларимга) шукр қилсангиз, уларни албатта зиёда қилурман. Аммо ношукрлик қилсангиз, Менинг азобим жуда қаттиқдир!» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Гўзал диёримизни турли бало-офатлардан Яратганнинг Ўзи асрасин!
Аллоҳ таоло ушбу файзли онларнинг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, гуноҳларимизни мағфират қилсин! Hуроний қарияларимиз, маъсум гўдакларимиз, ризқини эмин-эркин териб юрган чорваларимиз баракотидан барча мўмин-мусулмонларни икки дунё саодатига мушарраф айласин!
Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонларимизга тўкин-сочинлик, давлат раҳбаримизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги барча хайрли ишларида муваффақиятлар ёр бўлсин, омин!
Саййид Раҳматуллоҳ Термизий