Тавсия қиламиз

ЖАННАТ ЧОДИРЛАРИ, БОЗОРЛАРИ, ЖАННАТИЙЛАРНИНГ ДУНЁДА ҚИЛГАН ИШЛАРИ ВА ИБОДАТЛАРИНИ ЭСЛАШЛАРИ

Мақолалар access_time15-апрел 2020, 11:55

Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам…

ҚАБР ИМТИҲОНИ ҲАҚИДА ЭЪТИҚОДИМИЗ

Мақолалар access_time6-август 2020, 12:59

НАЗМИЙ БАЁНИ: Ҳар бир шахс қабрга қўйилган замон, Роббим тавҳидидан бўлар…

Шайтоннинг намоздаги васвасалари  

Мақолалар access_time30-июнь 2021, 13:34

Шайтон айтар экан:  1. Банда намоз ўқимоқчи бўлса, «Ҳали вақт…

Румо қудуғи: кимга фойда, кимга зарар?

access_time13-феврал, 12:18 visibility386

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида, аҳоли “Румо” қудуғидан сотиб олиб сув ичар эди. Бошқа қудуқлардаги сувлар шўр эди. “Румо” қудуғи бир яҳудийнинг шахсий мулки эди. У халққа сув сотиб, шунинг ортидан мўмай даромад кўрар эди.
Бир куни Набий алайҳиссалом: “Шу қудуқни ўзининг шахсий маблағига сотиб олиб, ўзи қандай фойдаланса, мусулмонларга ҳам шу ҳуқуқни бера оладиган ким бор? Ким буни қилса, жаннатда унинг учун улкан мукофот бор”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу сўз ўрта бўйли, гўзал юзли, серсоқолли, қорамағиз, кенг елкали, хушбичим кийинган бир кишининг секингина масжиддан чиқиб кетишига сабаб бўлди. Бу саховатпеша Усмон розийаллоҳу анҳу эди.
У “Румо” қудуғи сари кетаётган эди. У ерда қудуқ эгаси яҳудий билан учрашди:
– Сендан бу қудуқни сотиб олиш учун келдим.
– Қудуқ сотилмайди.
–   Лекин мен сенга катта пул бераман.
– Барибир сотмайман. Бу менинг даромад манбаим.
– Мен уни сендан катта маблағ эвазига сотиб олиш учун келдим.
Яҳудий бироз ўйланиб туриб:
– Сенга бу қудуқнинг ярмини сотишим мумкин.
– Розиман.
Савдо ўн икки минг дирҳамга пишди. Келишувга кўра, қудуқдан бир кун яҳудий, бир кун мусулмонлар фойдаланадиган бўлишди. Ҳар икки томон бу савдодан мамнун бўлди. Яҳудий мўмай даромад топишидан хурсанд эди. Саховатли киши эса умридаги энг баракали савдо қилганига ишончи комил эди. Бу ердан ичиладиган ҳар қултум сув учун Буюк Раббимиз унга улуғ мукофотлар беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир мусулмон бирор дарахт экса, унинг мевасидан ейилса, у одам учун садақадир. Бу дарахтнинг меваси ўғирланса, у учун садақадир. Йиртқич ҳайвонлар, қушларнинг ейиши ҳам садақадир. Бирор кишининг ундан фойдаланиши ҳам унга садақадир”, деганларида, у зотни ҳамма жон қулоғи билан эшитди(Имом Бухорий, “Ал-адаб ал-муфрад”). 
Яҳудий уйига қайтаётиб, чўнтагини тўлдирган пулнинг ҳароратини ҳис этар, ҳазрати Усмон розийаллоҳу анҳу эса Аллоҳ таолони ва Расулуллоҳни хушнуд этадиган иш қилганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Масжид сари кетаётиб, қадамлари янада жадаллашар, тезроқ Пайғамбаримизга хушхабар етказишни ошиқаётган эди.
Ҳазрати Усмон розийаллоҳу анҳу ҳамма инсоннинг ҳам қўлидан келавермайдиган, ҳамма сахийлар ҳам бажара олмайдиган ишни муваффақиятли уддалаган эди. У Расулуллоҳ ҳузурларида тиз чўкди. Қудуқдан сув олиш кунора унинг ҳаққи эканини, мусулмонлар ўша кунлари тортинмасдан сув олишларини маълум қилди. Шундай қилиб, мусулмонлар сув борасида эркин нафас ола бошлашди.
Яҳудийнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Чунки ҳамма Усмон розийаллоҳу анҳунинг навбати келганда сув олар, яҳудийнинг гали келганда, ҳеч ким қудуқ яқинига ҳам йўламасди. Яҳудийнинг бир чораси қолди. У келиб ҳазрати Усмоннинг эшигини қоқди:
– Қудуқнинг қолган ярмини ҳам сотмоқчиман, – деди.
Лекин бу сафар ҳазрати Усмон аввалгидек иштиёқда эмас эди. Қудуқнинг иккинчи ярми саккиз минг дирҳамга солиб олинди. Шу тарзда биринчи ярим билан иккинчи ярим бир-бирини тўлдирди. Шундан сўнг мўминлар исталган пайтда келиб, сувларини ола бошлашди.

Сийрат китоблари асосида 
Т. НИЗОМ тайёрлади.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР