
У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ АРАФА КЕЧАСИ ВА МУЗДАЛИФА ТОНГИДАГИ УММАТ УЧУН ҚИЛГАН ДУОЛАРИ ҲАҚИДА
114. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа кечаси умматларига мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилдилар. Дуони кўпайтирдилар ва У Зот ижобат қилди:
– Мен ижобат қилдим, фақатгина баъзиларининг баъзиларига қилган зулми мустасно. Аммо Мен билан улар орасидаги гуноҳларини, мағфират қилдим, – деди.
– Ё Poбб! Албатта, Сен ушбу мазлумга чеккан зулми учун яхшилик мукофот беришга ва ушбу золимни мағфират қилишга қодирсан, – дедилар.
У Зот буни ўша кечаси ижобат қилмади. Тонг отганида Муздалифа тонгида дуода жидду жаҳд қилдилар. Бас, У Зот ижобат қилди ва: «Батаҳқиқ, уларни мағфират қилдим», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Бас, у зотга:
– Одатда табассум қилмайдиган соатингизда табассум қилдингиз, — дейилди.
– Аллоҳнинг душмани иблисдан табассум қилдим. У Аллоҳ таоло менга умматим ҳақида ижобат қилганини билганида, йиқилиб дод-вой солди, юзига тупроқ сочиб, қочиб қолди, – дедилар.
Бухорий («Тарих»да), Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад, Табароний, Байҳақий ва бошқалар бошқа лафз ва санад билан ривоят қилган.
Абу Абдуллоҳ деди: Уларга арафа кечасида мағфират етди ва гуноҳлари беркитилди. Ҳақ таоло уларга мурожаат қилади ва халойиқнинг оқибати тақозосини кўради. Уни рад қилувчи ҳам, Унга қарши борувчи ҳам йўқ. Агар у зот улар учун дуо қилмасдан Ҳақ субҳанаҳу ва таолога тарк қилганларида, У Зот уларни сатрдан чиқарар ва аввалги ҳолатга яланғоч ҳолларида қайтар эдилар. Аллоҳ таоло уларга лутф кўрсатди, меҳмонларини, зиёратчиларини ва ҳовлисига тушганларни ноумид қилмади. Улар У Зотдан меҳр тилар ва мискинларнинг сўровини сўрар эдилар. У Зот уларга оқибатларнинг кафолатини беради ва уларни рози қилади. Бас, У Зот мағфират қилди ва улар Унинг сатрида қолдилар. Ҳақ жалла жалолуҳу карамли вафодорнинг кафолатини беришга рози бўлди ва уларни қўйиб юборди. Улар Ҳақ таолони рози қилганларидан сўнг У Зотнинг Ўзидан паноҳ тилаган ҳолларида Унинг Байтул Ҳаромини тавоф қилишга шошилдилар. Кирлардан покландилар. У Зот уларга совғалар берди ва қалбларини нурлантирди.