
Фаҳш ишни бутун бошли саҳнага чиқариб...
Фаҳш ишни бутун бошли саҳнага чиқариб, халққа ҳавола қилиб, дискларга кўчириб, халққа тарқатаётганларни ким деб атаймиз?
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нур сурасида шундай марҳамат қилади: «Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсиз» (19-оят).
Ҳа, сизу биз билмаймиз, шу ишни қилаётганлар билишмаяпти. Аммо бу ишларини мусулмонларнинг орасида қилганлиги учун биз қарши турамиз. Агар улар бу ишларни бориб, мусулмон бўлмаганлар орасида қилса, фаҳшни ўшаларнинг орасида ёйса, ишимиз бўлмас эди. Аммо Аллоҳ таоло «иймон келтирганлар орасида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга дунё ва охиратда аламли азоб бор» деяпти. Охиратнинг азобини биламиз, аммо бу дунёнинг азоби қаердан келади? Биродарлар, халқимизда «шариат урибди» деган гап бўлар эди, ҳозир кам ишлатилади. «Худо урибди», «уволи тутибди» деган гапни эшитганмиз, лекин «шариат урибди» деган гап ҳам бор. Шариат қачон уради? Шариат билан ўйнашилганда, шариат оёқости қилинганда шариат уради. Шариат ургани энг ёмони бўлади, биродарлар. «Худо урган одам тавба қилса, Аллоҳ уни кечирса, қайтиб тикланади, увол бўлган нарсани жойига қўйса, уволи тикланади, аммо шариат урганнинг тикланиши, ўнгланиши қийин бўлади», дейишган устозлар. Шариат ургани бу дунёдаги азобдир, ана шундан эҳтиёт бўлиш керак.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг каломига қулоқ солиш керак. Машҳур саҳоба Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу мана шу оятни тафсир қилиб, «Ким бир фаҳш иш ҳақида эшитиб, сўнг уни овоза қилса, у ҳам худди шу ишни қилган киши кабидир», деганлар. Бир одам бир фаҳшни эшитди, кейин эса уни овоза қилди, бошқа бировга бориб шуни гапирди, ҳаммага тарқатди. Мана шу иши ўша фаҳш ишни қилган билан баробардир. Энди фаҳш ишни бутун бошли саҳнага чиқариб, халққа ҳавола қилиб, дискларга кўчириб, халққа тарқатаётганларни ким деб атаймиз? Биз шуни гапирсак, уларга ёқмаяпти. Бизнинг уларга ҳеч қандай шахсий ғаразимиз йўқ. Марҳамат, кулдириб нон топаётган бўлсанг, ош бўлсин, лекин шариатга тегма, фаҳш иш билан, фаҳш гап билан кулдирма. Ахир касбинг кулдириш бўлса, эй биродар, фаҳш гап айтмасдан кулдир. Умуман фаҳш гапирмай туриб кулдирганлар ўтди-ку шу асримизда?! Нима қиласан фаҳш гапни гапириб? Биз сенга оят ёки ҳадисни айтяпмиз, нимага қарши турасан? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган манзилдан – меҳробдан туриб гапиряпмиз, сен бўлса саҳнадан туриб бизга тош отасан. Биз сени оловда куйма деяпмиз, сенга қўшилиб биз ҳам куймайлик деяпмиз, нега тушунмайсан, биродар? Сенинг ўша фаҳш айтиб, кулдирган гапингни бошқа бир киши бошқа бир жойда гапириб берса, у ҳам сенинг гуноҳингга шерик бўлаётган бўлса, нима ҳаққинг бор бу халқни, бу одамларни оловга гирифтор қилишга?
Биз тақвога чақирамиз, Аллоҳдан қўрқишга чақирамиз, холос. Бу масалада менинг ҳеч қандай шахсий фикрим, шахсий адоватим йўқ. Бу ишни қилаётган одамларни мен шахсан танимайман. Фаҳш гап билан одамларни кулдираётган ҳар бир масхарабозга тааллуқли бу гаплар Аллоҳнинг сўзи, Расулуллоҳнинг сўзи, шариатимизнинг ҳукми. Шуни тушуниб олсинлар.
Устоз Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ
@mehrobuz