Тавсия қиламиз

Ҳар бир бандани ризқини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган

Мақолалар access_time8-январ 2019, 22:07

Билишимиз керакки, ҳар бир бандани ризқини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган.…

ҲАСРАТ КУНИ ВА МУЪЖИЗ КАЛОМУЛЛОҲ

Мақолалар access_time22-ноябрь 2019, 17:51

     Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга "Сиз уларни…

ТУЗОҚҚА ТУШГАН ҚУШНИНГ ЎГИТЛАРИ...

Мақолалар access_time1-ноябрь 2018, 11:41

 Бир киши ҳийла билан бир қушни тузоққа туширди. Қуш тилга кириб унга…

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

access_time2-март 2017, 21:55 visibility120145

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

 

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий 1975 йил 18 май куни Сурхондарё вилоятининг Музрaбот туманида зиёли оиласида таваллуд топган. Илк диний сабоқни отаси эшони Ҳабибуллохондан ўрганди. Ўрта мактабни тугатгач, 1992–1995 йилларда Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида таҳсил олиб, ушбу мадрасани қизил диплом билан тамомлади.

1995–1999 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олиб, олий маъҳадни ҳам қизил диплом билан битирди.

2003 йил Эрон Ислом Республикасида ўтказилган ХIX Халқаро Қуръони карим мусобақаси иштирокчиси.

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ ўз меҳнат фаолиятини 1995–1997 йилларда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Оқ туникали” жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан бошлаган.

1997–1999 йилларда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби, 1999–2003 йилларда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Юнусобод оқтепа” жоме масжиди имом-хатиби, 2000–2003 йилларда Тошкент ислом институти ўқитувчиси, 2003–2014 йилларда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Хўжа Аъламбардор” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлади.

2011 йил декабрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган “Йил имоми” кўрик-танлови Республика босқичининг мутлақ ғолиби бўлди.

2012 йил 24 февраль куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги “Хўжа Аъламбардор” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги жоме масжидлар орасида биринчилардан бўлиб, ўзининг www.kamolon.uz интернет саҳифасига асос солди.

2012 йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан энг фаол имом-хатиб деб эълон қилинди.

2012 йил 31 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги имом-хатиблар орасида биринчилардан бўлиб, ўзининг шахсий www.mehrob.uz интернет саҳифасига асос солди.

2014–2015 йилларда “Минор” жоме масжиди имом-хатиби, 2016–2021 йилларда Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби ва мазкур туман бош имом-хатиби вазифасида фаолият олиб борди.

2021 йил 20 октябрь куни Шайх Раҳматуллоҳ Термизий Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ҳамда “Минор” жоме масжиди имом-хатиби лавозимига тайинланди.

2013 йилдан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида талабаларга “Тафсир” фанидан дарс бериб келмоқда.

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ меҳнат фаолияти давомида фуқароларга маърифий ислом ғояларини кенг тарғиб этиш, ёшларни илмга ошно қилиш, уларни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда диний мутаaссиб ва экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларда фаол иштирок этиб келади.

Фаолияти давомида “Ўзбекистон”, “Маданият ва маърифат”, “Оилавий”, “Маҳалла”, “Севимли”, “Ёшлар”, “Миллий” телеканалларида оила, одоб-ахлоқ, диний экстремизм ғоялари ва ижтимоий иллатларга қарши кураш, жамиятдаги фаол сиёсий ўзгаришлар, бешта ташаббус ва иқтисодий стратегия, кун ва замоннинг долзарб мавзуларига бағишланган кўрсатувларда доимий асосда фаол иштирок этиб келмоқда.

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ интернет тармоғида ёшларнинг диний мутаасcиб ва экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, халқимиз мусулмонлари учун анъанавий бўлган ҳанафийлик мазҳаби аҳкомларини, буюк аждодларимизнинг улкан маърифий меросини етказиш йўлида тизимли фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги сайтларида, ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида мунтазам диний-маърифий мазмундаги чиқишлар қилиб келмоқда. Шу даврга қадар Раҳматуллоҳ қори Ҳабибуллоҳ ўғли илмий-ижтимоий, диний-маърифий мавзудаги 80 дан ортиқ кўрсатувга чиқиши, ахлоқий-тарбиявий мавзулардаги 55 дан ортиқ радиоэшиттиришлари эфирга узатилди. Шу билан бирга, даврий матбуот – журналлар, газеталар ва электрон  нашрларда 1000 дан ортиқ илмий-ижтимоий, диний-маърифий мавзудаги мақолалари чоп этилди.

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ ижтимоий ҳаётдаги, айниқса, ёшлар ва аёллар орасидаги ижтимоий иллатларга барҳам бериш бўйича таъсирчан чиқишлар қилиб келмоқда. Устознинг кўплаб китоблари чоп этилган. Жумладан: 2011 йил “Ҳалол савдо – касбларнинг яхшиси”, 2013 йил “Ҳалол касб – фаровонлик омили”, 2013 йил  “Ибратли хонадон”, 2017 йил “Ота-онага оқ бўлишдан сақланайлик”, 2017 йил  “Халқ дарди билан яшайлик” номли китоблари “Мовароуннаҳр” нашриётида; 2018 йил  “Мўмин киши – мукаррам зот”, “Ҳалол касб – фаровонлик омили”, “Ҳалол савдо – касбларнинг яхшиси”, шу йили “Ибратли хонадон” номли китоби “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбаасида нашр этилган.

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳнинг жума мавъизалари жамланган 20 та СD диск альбоми мухлислар учун ажойиб туҳфа бўлди.

Россия мусулмонлари диний идораси, Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштириш маркази раиси, муфтий, шайх Исмоил Бердиев Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби, “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳни 2019 йил “Уммат олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлади.

Устоз, Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий 2020 йил Ҳиндистонда бўлиб ўтган «Халқаро Милад Конференцияси – 2020»да иштирок этиб, «Одамлар орасида унсу улфат қандай ҳосил қилинади ва бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай таълим берганлар» мавзусида маъруза қилди. Ушбу анжуманда қатнашган барча уламолар, хусусан, Шайх Абу Бакр Аҳмад ҳазратлари томонидан Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизийга “Шайх” унвони берилди.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўзининг самимийлиги, камтарлиги, Ватанга бўлган садоқати, масъулиятлилиги ва меҳнатсеварлиги билан кенг жамоатчилик, диний соҳа вакиллари ва маҳалласида катта ҳурмат қозонган.

Mehrob.uz матбуот хизмати